“Ғалаба боғи” ҳар бир юртдошимиз учун ғурур ва ифтихор ва ибрат маскани бўлиши керак


Ўша машъум уруш... Унинг аянчли хотиралари ҳали-ҳануз дилларни тилка-пора қилади. Чунки ўтган аср қирқинчи йилларидаги қирғинбаротларнинг оғир жароҳат излари ҳали битмаган. У келтирган кулфату йўқотишлар юртимиздаги миллионлаб хонадонларга ота-боболари, яқинларининг оғир қисматини ёдга солади.
Аммо тарих – мактаб. Фидойи ва жасур аждодларимизнинг ҳаёт йўли эса чинакам ибратдир. Шу боис уларнинг номини абадийлаштириш, хотирасига эъзозу эҳтиром кўрсатиш давлатимизнинг доимий эътиборида.

Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилаётган Ғалаба боғиҳам айни шундай мақсадлар рўёбига қаратилган. Албатта, Олмазор туманидаги генерал Собир Раҳимов ҳайкали ўрнатилган хиёбонда барпо этилаётган мазкур маскан концепцияси тақдим этилган. У Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги арафасида очилиши кўзда тутилмоқда. Шу муносабат билан мазкур боғдан нималар ўрин олиши ҳақида айрим фикр-мулоҳазаларимизни баён қилмоқчиман.

Аввало, боғнинг кириш қисми давлатимиз раҳбарининг мана бу сўзлари акс эттирилиши лозим: “Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди.

Иккинчи жаҳон урушида юзлаб юртдошларимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, минглаб оталаримиз, боболаримиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотландилар.

Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.

Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ғарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1 миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди.

Ўзбекистонга кўчириб келтирилган заводларда кексалар, аёллар, ўсмир болалар туну кун машаққатли меҳнат қилгани – ҳақиқий фидойилик, қаҳрамонлик намунаси десак, асло хато бўлмайди.

Бундай мисоллар буюк Ғалаба биз учун нақадар қимматга тушгани, халқимиз дунёни фашизм балосидан халос этишга қандай катта ҳисса қўшганини яққол кўрсатади.

Тарихнинг ана шундай бешафқат ва суронли синовларидан ёруғ юз билан, ҳар томонлама муносиб ўтган халқимизга ҳар қанча таъзим қилсак, ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди, албатта”.

Иккинчидан,22 июнда Германияқ ўшинларининг СССРга ҳужум қилганлиги ҳақидаги радиомурожаат ҳамда газетада эълон қилинган матнни бериш керак. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида бўлган митинг, йиғинлардаги фотосуратлар экспонат сифатида қўйилиши зарур.

Учинчидан, фашизмга қарши кураш умумхалқ ҳаракатига айланган бир пайтда Усмон Юсупов, Йўлдош Охунбобоев, Абдували Мўминов, Абдужаббор Абдураҳмонов ва бошқа таниқли шахсларнинг, шоир ва ёзувучилар, олимларнинг халққа мурожаати, портретлари, уларни тинглаётган аҳоли йиғинлари акс эттирилган ҳужжат ва материаллар музейдан ўрин олиши керак.

Тўртинчидан, Республиканинг барча вилоятлари раҳбарларининг фронт ва фронт ортидаги ташкилотчилик фаолиятини акс эттирувчи стенд ва витриналар бўлиши жоиз.

Бешинчидан, ўша даврда халқ кучи билан барпо этилган Фарҳод ГЭСи ва Бекобод металлургия комбинати қурилиши жараёнини акс эттирувчи алоҳида стенд, витриналарга кенг ўрин берилиши ва деворий суратлар чизилиши керак.

Олтинчидан, урушнинг дастлабки кунларида Ўзбекистондаги ҳарбий комиссарликларга армия сафига юборишни илтимос қилиб 14 мингдан зиёд ватанпарварлар, ёшлар мурожаат қилганлар. Шу тарихий жараён вилоят, шаҳар ва қишлоқлар кесимида очиб берилиши керак.

Еттинчидан, 1941-1945 йилларда мамлакатимиздан сафарбар қилинган “Қуролсиз аскарлар” ва уларнинг қаҳрамонона ва айни пайтда фожиали ҳаёти, ғалабага қўшган ҳиссаси Ўзбекистон тарихи фанида деярли ўрганилмаган. Шу боис мазкур мавзуни Ғалаба боғида акс эттирувчи кичик бир музей ташкил этиш зарур. Бунинг учун Урал, Бошқирдистон, Перм, Чкаловск, Орск, Нижний-Тагил, Свердловск, Москвадаги архивлардан материаллар олиб келиш зарур.

Саккизинчидан, Ўзбекистондан Украина, Шимолий Кавказ, Шимолий Қозоғистонга 1931-1933 йилларда сургун қилинган “қулоқ” хўжаликларидаги армия ёшида бўлган ҳарбий мажбуриятни ўташга лойиқ деб топилган эркаклар ҳам ҳаракатдаги фронтларга, ҳам фронт ортидаги мудофаа иншоотлари, меҳнат лагерларига сафарбар этилган. Мазкур мавзу ҳам Ғалаба боғи музейидан алоҳида жой олиши керак.

Тўққизинчидан, 1937-1938 йиллардаги “Катта террор” – “Катта қирғин”да қатағон қилиниб ГУЛАГ лагерларига узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган маҳбуслар ҳам ватан мудофаасига сафарбар қилинган.

Ўнинчидан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли фронтларда ўзбек тилида чиқиб турган “Ватан учун”, “Совет жангчиси”, “Қизил аскар ҳақиқати”, “Ватан шарафи учун”, “Душманга қарши олға”, “Фронт ҳақиқати”, “Ғалаба байроғи”, “Қизил Армия”, “Бонг” газеталарининг ўзбекистонлик жангчилар қаҳрамонликлари, душманга қарши курашдаги жанговар ютуқлари, меҳнат франтидаги фидойиликлар акс эттирилган газеталар саҳифаларини қулай ва ўқимишли қилиб экспонат тарзида тайёрлаб қўйиш зарур. Ўз навбатида, ана шу нашрларнинг нусхаларини Ғалаба боғига ташриф буюрувчи ҳар бир инсон ўқиши учун қулай шаклда кўргазма тарзида намойиш этишни ташкиллаш керак. Айни вақтда шу материаллар видеоэкранларда намойиш этилса, янада мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўн биринчидан, уруш йилларида Ўзбекистонга Беларусь Фанлар академияси аъзолари ва бир қатор муассасалари Тошкентга эвакуация қилинган. Уларнинг 100 дан ортиқ ходимлари фронтда фашистлар Германияси босқинчиларига қарши кураш олиб борди, партизанлар отрядларида, яширин антифашистик ҳаракатларда фаол иштирок этишди. Ана шу инсонлар жасорати ҳам бу маскандан жой олиши жоиз, назаримда.

Ўн иккинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистондан урушга сафарбар қилинган кўплаб юртдошимиз тақдири аниқланган эмас. Бундай ҳолат тадқиқотчиларимизнинг масалага жиддий қарамагани натижаси бўлса керак. Масалан, Иккинчи жаҳон урушида асирга тушиш ҳолатлари жуда кўп бўлган. Янги тарихда ана шу инсонлар масаласига янгича нуқтаи назардан қаралмоқда. Собиқ асирларни реабилитация қилиш жараёнлари ҳам юз беряпти. Ҳарбий асирлар тақдири одилона ўрганилиб, бу ҳақда мақолалар, рисолалар, китоблар яратилмоқда.

Мустафо Чўқай аҳли аёли Мария Чўқайга 1941 йил ноябр ойида Берлиндан ёзган хатида мана бу сатрлар бор: “Мен бу бахтсиз одамларга ёрдам бера олмаганимдан жуда ҳам оғир ташвишдаман... Кеча 35 та одамни отиб ўлдиришларидан сақлаб қолдим, лекин улар ҳаётини қанчага узайтирдим экан? Ҳозир ноябрь, кимлардир ёзги кийимда, кимдир ярим-яланғоч ҳолда совуқдан сақланиш учун қўллари билан ўра қазишга мажбур бўлишмоқда. Уларга нонни итга ташлагандек ташлашмоқда, сув ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Мен остларига тўшаш учун қандай бўлса ҳам тўшама беришларини жуда қаттиқ илтимос қилдим. Беришдими ёки йўқми маълум эмас...

Мен Қаюмхон билан биргаман... У орқали немислардан туркистонлик ҳарбий асирларнинг сақлаш шароитларини яхшилашни сўраган эдим. У менинг илтимосимни кимгадир етказди. Ўзгариш бўладими буниси маълум эмас...”

Мустафо Чўқай мероси ҳақидаги 12 жилдлик асарлар тўпламидан Германиянинг концлагерларидаги исм-шарифлари, маҳбуслик рақами, касби кўрсатилган туркистонлик ҳарбий асирлар “Иқтисодиёт ва сиёсий фойдаланиш”сарлавҳаси остида берилган ноёб материал ўрин олган. Немис тилидан ўзбек тилига ўгирилган бу ҳужжатда фашистлар концлагерларидаги 318 нафар туркистонлик ҳарбий асир рўйхати келтирилган. Рўйхатда ҳар бир асирнинг фамилияси, исми, маҳбуслик рақами, касби кўрсатилган. Улар ҳам фашизмга қарши курашчилар сифатида музейдан муносиб жой олишлари керак.

Бундай зарур ва хайрли ишни Ўзбекистонда ҳам амалга оширишнинг вақти аллақачон етди. Бу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган инсонпарвар амалиётни, бизнингча, Иккинчи жаҳон урушида ноиложликдан асирга тушган ўзбекистонлик ҳарбий асирларга нисбатан ҳам қўллаш мумкин бўлса керак. Улар тақдири тўғрисидаги масалага давлат ва кенг жамоатчилик нуқтаи назаридан янгича қараш ва тарихий ҳақиқатни қандай бўлса шундайлигича англаш, ёзиш, минглаб ватандошларимизни номма-ном аниқлаш, уларнинг ҳам қаҳрамонона, ҳам фожиали фаолиятини, тақдирини ҳозирги ва келажак авлодларга етказиш кенг жамоатчилик, айниқса, тарихчиларнинг масъулиятли бурчи ва вазифасидир.

Бунинг учун ҳозирда Москвадаги Россия ҳарбий давлат архивида сақланаётган ўлжага олинган 3-Рейх архиви фондларида, Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги хизмати архивида сақланаётган, лекин ҳалигача илмий истеъмолга киритилмаган Туркистон асирлари, ҳарбий асирлар ҳақидаги ҳужжат ва материалларни зудлик билан очиш, ўрганиш ва улардан яратилажак Ғалаба боғи музейини ташкил этишда фойдаланиш керак.

Бироқ шуни таассуф билан айтиш зарурки, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида уруш даврида Ўзбекистонга эвакуация қилинган ярадор ҳарбийлар, депортация қилинганлар ҳақидаги материаллар “махфий”лик тамғаси остида тадқиқотчиларга берилмаётир. Бундан икки ой муқаддам шогирдим Д.Ҳомидов билан Ўзбекистон Фанлар академияси бўлим мудири, тарих фанлари доктори Мирзоҳид Раҳимов имзоси қўйилган алоқа хати билан тақдим этган талабномамизга ҳам шундай муносабат билдирилди.

Ушбулардан келиб чиқиб тегишли мутасадди идоралар орқали юқорида тилга олинган архивларга бориб тезкорлик билан музей учун зарур ҳужжатларни олиш керак деб ўйлайман.

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк ғалабада Ўзбекистондаги диний идоралар ва уларнинг ходимлари, умуман, мусулмонларнинг ҳам ўрни бўлганлигини тарихий ҳужжат ва материаллар асосида кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Ўн учинчидан, Ғалаба боғида Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар учун ўқ отиш тўгарагини юритиш имконини берувчи очиқ ва ёпиқ типдаги полигонлар, ҳарбий-спорт клублари ташкил этилса айни муддао бўларди.

Бир сўз билан айтганда, пойтахтимизда барпо этилаётган Ғалаба боғи ҳар бир юртдошимиз учун фахру ифтихор ва ибрат маскани бўлиши керак.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор


ЎзА

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно