Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қаратилган эди


Ҳар бир миллат ва элатнинг ўз тарихи бор. Тарих замирида эса миллий ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат, аждодлар хотирасига эҳтиром туйғуси мужассам.
Сир эмаски, етмиш йилдан ортиқ давр мобайнида давом этган мустабид тузим даврида халқимизнинг ана шу туйғуси топталди, тарихимизни холис ўрганишга, миллий, диний қадриятларимизни асраб-авайлашга йўл қўйилмади.

Октябрь тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи советлар тузуми биринчи кундан бошлаб шу заминда яшаётган халқлар бошига қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли режимни халқимиз қабул қилмади. Туркистон заминининг илғор вакиллари истиқлол учун, эрк ва миллий-озодлик учун кураш олиб борди. Турли манбаларда таъкидланишича, бу курашда 1 миллион 900 минг нафар туркистонликлар ватандан бош олиб хорижий мамлакатларга чиқиб кетган, 1 миллион 700 минг киши Сибир, Узоқ Шимол, Украина, Шимолий Кавказ, Урал, Қозоғистон, Узоқ Шарқ ва Волгабўйи районларига бадарға қилинган.

Айниқса, 1937-1938 йилларда ўта мудҳиш воқеалар юз берган. 1937 йилнинг 10 августидан 1938 йил 1 январигача Ўзбекистонда 10 минг 700 киши қамоққа олинган. Булардан 3 минг 613 киши отилган, 7 минг 87 киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди.

Қатағон аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди. 1937 йилнинг декабрь ойида “учлик“ қарори билан ҳукм қилинган 3 минг 644 кишидан 1 минг 464 нафари имом, эшон, мулла ва бошқа диний хизматчи бўлган. 1938 йилнинг февралида “учлик“ йиғилишларида 2 минг 491 маҳбус устидан ҳукм чиқарилган, шундан 2 минг 86 маҳбус отувга, 398 маҳбус ўн йил муддатга, икки маҳбус саккиз йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар асосан ўзига тўқ деҳқонлар, ишчи-хизматчилар, уламолар, савдогарлар бўлган.

Қатағон сиёсати диний нуқтаи назардан оғир гуноҳи азим, сиёсий-дунёвий жиҳатдан ўта даҳшатли жиноят эди. Тарихимизнинг ана шу ачинарли, аламли саҳифасини яратиш, ўша аччиқ тарихни эслаш, ундан сабоқ олиш, бор ҳақиқатни бугунги ва келгуси авлодларга етказиш муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, хусусан, Ватанимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида қурбон бўлган халқимизнинг суюкли фарзандлари номини тиклаш, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этишга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, бу борада ҳали олдимизда қиладиган жуда кўп ишлар турибди. Юртимизда фақат 1937-1953 йилларда қатағон қилинган 100 минг нафардан зиёд юртдошлардан нари борса 20 минг нафаридан ортиқроғи номма-ном аниқланди, холос. Қолганларини излаб топиш, уларнинг хотирасини абадийлаштиришдек хайрли вазифа турибди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу йўналишдаги ишлар кўлами ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Андижон давлат университетида ташкил этилган Қатағон қурбонлари хотира музейи ҳам машъум сиёсат қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, бу борадаги саъйи-ҳаракатлар кўламини кенгайтиришга қаратилган ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Музейга мустабид тузим томонидан қанотлари қирқилган, не-не азобларга солинган минглаб аянчли тақдирлар ҳақидаги экспонатлар қўйилган. Фақат 1937-1938 йилларнинг ўзида Андижон вилоятидан қатағон қилинган 1 минг 500 дан ортиқ жабрдийдаларнинг исм-фамилиялари ёзилган. Бундан ташқари, уларнинг хотирасига бағишланган илмий, адабий, бадиий китоблар тўпланиб, электрон нусхалари тайёрланди. Қатағон қурбонлари бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумот ва ҳужжатларни илмий тадқиқ этиш, улар ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, кинофильмлар яратиш, мактабларда музейнинг филиалларини ташкил этиш борасида ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, шу муқаддас замин, она юрт тинчлиги, мустақиллиги ва тараққиёти учун жонини фидо қилган ватандошларимиз номини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти, тақдири ҳақидаги ҳақиқатни келгуси авлодларга борича етказиш, бу борадаги хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби


Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
Мақолани асл манбада ўқиш учун босингскачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно