Беларусь халқининг ўзбек халқига ҳурмат-эҳтироми намунаси


“9 май – Ғалаба куни. Машаққатли уруш сўқмоқларидан мардонавор ўтиб, мислсиз талафотлар эвазига фашизм тор-мор этилиб, қўлга киритилган улуғ байрам, Ватанимиз мард ўғлонларининг шон-шараф айёмидир.
Бу ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳеч қандай куч биздан тортиб ололмайдиган буюк тарих, қудратли маънавий бойлигимиз. Биз бу шонли тарихдан куч оламиз. Бу тарих бизни тинчликни асраб, барча халқлар билан дўст ва ҳамкор бўлиб, ёруғ келажакни бунёд этишга даъват этади.”

Ушбу сатрлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Петрус Бровки номидаги Беларусь Энциклопедия нашриётида чоп этилган “Ғалаба барчамиз учун ягона. Беларусь – Ўзбекистон” (“Победа одна на всех. Беларусь – Узбекистан”) номли китоб сўзбошисидан ўрин олган.

Китобдан 1941-1944 йилларда Беларусь ерларини немис-фашист босқинчиларидан озод этишда қатнашган, жанггоҳларда вафот этиб, ана шу юрт ерларига дафн этилган ўзбекистонлик жангчиларнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти, кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақидаги лавҳалар ўрин олган.

Дунёга ҳукмронлик қилиш мақсадида немис-фашист босқинчилари томонидан 1939 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли саҳифа сифатида муҳрланиб қолган. Уруш туфайли дунё бўйича эллик миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлди. Минглаб шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланди. Инсоният тараққиёти бир неча ўн йилларга ортга сурилди.
Уруш даҳшатлари жуда кўп мамлакатлар, халқларни ўз домига тортди. Жумладан, ўзбек халқи ҳам ушбу урушда минглаб асл ўғлонларидан айрилди. Ўзбекистонликлар Россия, Украина, Беларусь, Болтиқбўйи ҳамда Европа давлатларини фашистлар зулмидан озод қилишда жасорат, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Минг афсуски, ўша жангларда минг-минглаб юртдошларимиз жонини фидо қилди, улар кўрсатган мардлик, жасорат намуналари тилларда достон бўлди.

Барчамизга маълумки, дунёдаги кўплаб давлатлар келгуси йили фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 75 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрмоқда. Ана шу сана олдидан, қолаверса, Президентимизнинг Беларусь давлатига ташрифи муносабати билан чоп этилган “Ғалаба барчамиз учун ягона. Беларусь – Ўзбекистон” китоби ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин бир мисолдир.

– Ушбу тарихий-ҳужжатли китобда Беларусь тупроғини немис-фашист босқинчиларидан озод этишда иштирок этган, жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ва Беларусь заминига дафн этилган мингдан ортиқ ўзбекистонлик, шу жумладан, 98 нафар андижонлик жангчиларнинг таржимаи ҳоли, дафн этилган жойи, кўрсатган қаҳрамонликлари қисқача ёритилган, – дейди Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори, АДУ қошидаги Қатағон қурбонлари музейи директори Рустамбек Шамсутдинов. – Беларусь халқининг ўзбек халқига ҳурмат-эҳтироми намунаси, қолаверса, ота-боболаримиз кўрсатган мардлик ва жасоратни ёш авлодга етказиш, уларнинг порлоқ хотирасини абадийлаштиришда ушбу китоб муҳим аҳамият касб этади.

“1943 йил ёз ойидаги ҳарбий ҳаракатларда 229-ўқчи полк, 6-ўқчи ротаси командири лейтенант Йўлдошев ўзининг жасур командир эканлигини намоён этди. Айниқса, Десна ва Днепр дарёларини кечиб ўтишда алоҳида ўрнак кўрсатди.

...1943 йил 11 август. Шиддатли жангларда лейтенант Йўлдошев икки нафар аскари билан Десна дарёсини кечиб, душман ортига ўтиб олди. Граната улоқтириб, икки душман пулемётчисини ер тишлатди. Эмаклаб душманга янада яқин борди, икки душман снайперини отиб ташлайди, бирини асирга олади.

...1943 йил 29 август. Лейтенант Йўлдошев ўз ротаси билан душманнинг қақшатқич ҳужумларини қайтарди, Душман ротасини асосий кучларидан ажратиб ташлади. Жангларда унинг ўзи 10 нафар немисни отиб ўлдирди.

Жангларда кўрсатган жасорат ва мардлиги учун лейтенант Абдулазиз Йўлдошев 1943 йил 16 октябрда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони ва Қизил юлдуз ордени билан мукофотланди”.

Ушбу сатрлар Қўрғонтепа тумани Хонобод қишлоғидан урушга кетган, мактаб ўқитувчиси Абдулазиз Йўлдошевга бағишланган саҳифадан олинди. Китобда ҳар бир жангчининг кўрсатган қаҳрамонликлари ҳақида ана шу тарздаги қисқача маълумотлар, шунингдек, уларнинг таржимаи ҳоли баён этилган.

Таъкидлаш керакки, “Ғалаба барчамиз учун ягона. Беларусь – Ўзбекистон” китобига маълумотларни тўплаш ва чоп этишга тайёрлаш ишига профессор Р. Шамсутдинов салмоқли ҳисса қўшди.



– Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги олдидан ўзбекистонлик жангчиларнинг Беларусь ерларини озод этишдаги иштироки ҳақида тарихий-ҳужжатли китоб чоп этилаётганлигини эшитиб, Петрус Бровки номидаги Беларусь Энциклопедия нашриёти вакиллари билан боғландик, – дейди профессор Р.Шамсутдинов. – Уларга ўзбек тилида чоп этилган 1-Беларуссия фронтининг “Фронт ҳақиқати”, 3-Беларуссия фронтининг “Қизил Армия ҳақиқати” газеталаридан нусхалар, газетада эълон қилинган қатор мақолаларни рус тилига таржима қилиб юбордик. Ана шу мақолаларнинг айримлари китобга киритилди.

Уруш йилларида кўп миллатли армия сафида жанг олиб бораётган аскарлар ўртасида тарбиявий-маънавий ишларни кучайтириш, уларнинг руҳиятини кўтариш мақсадида турли халқлар тилларида 60 дан ортиқ фронт газеталари чоп этилганлигини кўпчилик билмаса керак. 1942-1945 йилларда Шимолий-Ғарбий, Калинин, Воронеж, Сталинград, Жанубий-Ғарбий, 1-, 3-Украина, 1-, 3-Беларуссия, Ғарбий, Брянск ва Узоқ Шарқ фронтларининг ўзбек тилидаги 15 га яқин газетаси нашр этилган. “Фронт ҳақиқати”, “Қизил Армия ҳақиқати” газеталари ҳам шулар жумласидан эди.

Профессор Рустамбек Шамсутдинов томонидан фронт газеталарини ўрганиш билан боғлиқ эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Унинг муаллифлигида “Академнашр” нашриётида чоп этилган 1792 саҳифадан иборат, 3 жилдли “Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари” номли китобда айнан фронт газеталари ҳақида кенг маълумотлар берилган. Китоб саҳифаларидан фронт газеталарида чоп этилган ўзбек жангчиларининг матонати ва қаҳрамонлиги, уларнинг фашизмга қарши курашда бошқа миллат ва элатлар билан дўстлиги, жанговор биродарлиги ёритилган мақолалар ўрин олган.

Президентимизнинг 2018 йил 31 майдаги “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига асосан тузилган республика комиссияси аъзоси сифатида ҳам Р.Шамсутдинов халқимиз тарихидаги Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ саҳифаларни ёритиш, тарғиб этиш борасида қатор ибратли ишларни олиб бормоқда.

Жумладан, профессор Р.Шамсутдинов бош муҳаррирлигида нашр этилаётган “Водийнома” (Мерос) ижтимоий-тарихий, илмий-оммабоп журнал саҳифаларида “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон ҳалқининг қўшган муносиб ҳиссаси тарихини яратиш ҳусусида”, “Китоб-альбомни тайёрлашга оид мулоҳаза ва таклифлар”, “Ватан сизларники бўлгани каби, меники ҳамдир”, “Туркистон Иккинчи жаҳон уруши йилларида (1939-1945)”, “Андижон фашизм босқинига қарши курашиш йилларида (1941-1945)”, “Туркистон легионидаги қирғизлар”, “Туркистонлик ҳарбий асирлар тақдири ҳақида”, “Андижонликларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси ўзбек тилидаги фронт газеталари саҳифаларида”, “Усмон Юсупов”, “Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши. Уруш қурбонлари”, “Андижон вилояти иккинчи жаҳон уруши йилларида”, “Андижондан фронтга, фронтдан Андижонга” каби сарлавҳалар остида қатор илмий мақолалар эълон қилинди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат ЎзА)
скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно