Ўзбекистонлик “Қуролсиз аскарлар” қисмати: нега уларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси ҳамон ўрганилмаган?​


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4995 сонли қарорида 2020 йили дунё миқёсида кенг нишонланадиган буюк сана – ғалабанинг 75 йиллик байрамига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак даражада ўтказиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Қарорда белгиланган тадбирлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг “Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш вазифаси ҳам илгари сурилди.

Маълумки, 1941–1945 йилларда Ўзбекистондан мажбурий меҳнат армиясига олинган ўша давр ибораси билан номланган “Қуролсиз аскарлар” ва уларнинг қаҳрамонона, лекин фожиали ҳаёти, тақдири, буюк ғалабага қўшган ҳиссаси бениҳоя улкандир.

Аммо Ўзбекистон тарихшунослигида мазкур масала ўрганилмай келинмоқда. Мисоллар келтирамиз. 2000 йили 16 нафар муаллифдан иборат муаллифлар гуруҳи томонидан тайёрланиб нашр этилган “Ўзбекистоннинг янги тарихи. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида” китобида “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши йилларида” номли боб (429­–500-бетлар) китобида “меҳнат армиячилари” ёки “қуролсиз аскарлар” ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Орадан 19 йил ўтиб, 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи методик марказ томонидан “Ўзбекистон” нашриётида 89.24 босма табоқдан иборат икки жилдлик “Ўзбекистон тарихи (1917-1991 йиллар)” китоб нашр этилди.

Китобнинг иккинчи бўлими III боби “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши йилларида” (5-76-бетлар). Бу академик нашрда ҳам Ўзбекистондан олинган меҳнат армиячилари, яъни “қуролсиз аскарлар” ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Олий ўқув юртларида ўқитилаётган “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича дарслик ва қўлланмаларда ҳам бу мавзу ёритилмай қолиб кетган.

Бу ҳолатни Ўзбекистон тарихи бўйича нашр этилган бошқа дарслик, қўлланмаларда ҳам кўриш мумкин. Хуллас, Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликлардан меҳнат армиясига олинганларнинг ғалабага қўшган ҳиссаси мутлақо ёритилмай келинган.

Ваҳоланки ҳатто совет даврида мазкур мавзуни ёритишга эътибор қаратилган эди. Бу ўринда қуйидаги мақолаларни кўрсатиб ўтиш лозимдир.

Бироқ биз тарихчилар бу мақолаларга эътибор бермай келганмиз. Аммо Россия тарихчилари Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистондан меҳнат фронтига олинган ва мамлакатнинг Урал, Жанубий Урал, Бошқирдистон, Челябинск ва бошқа ҳудудларига ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, қорақалпоқ, уйғур ва бошқа маҳаллий миллат вакиллари сафарбар қилинган. Улар фронт учун, мудофаа учун мислсиз оғир, қийинчиликлар, очарчиликлар шароитида фронт талабини қондириш учун, душман устидан ғалаба қозониш учун қурол-аслаҳа, ўқ-дори, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни тайёрлаб юборишда мислсиз қаҳрамонлик, жасорат кўрсатиб меҳнат қилишган.

Бу жараёнда меҳнат армиячилари сафида кўпдан-кўп қурбонлар ҳам бўлган. Изғирин совуқ, турар-жойлар нобоплиги, озиқ-овқат танқислиги, очарчилик, оғир меҳнат, юртдан ташналик ва бошқа бир талай сабаблар оқибатида Ўзбекистондан сафарбар этилган меҳнат армиячиларининг маълум қисми ҳалок бўлган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки мазкур мавзу Россия Федерацияси олимларининг айримларини ҳам диққатини ўзига тортди. Улар Ўзбекистондан борган меҳнат армиячиларининг буюк ғалабага қўшган буюк ҳиссасини илмий асосда яратиш борасида талайгина тадқиқот ишларини олиб бордилар.

Бу ўринда Владимир Павленко, Г.А. Гончаров, Б.Д. Шмыров, Ю.И. Будников, Мария Передокларнинг мақолаларида ҳам Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистондан сафарбар қилинган меҳнат армиячиларининг буюк ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақида фактик материаллар мавжуд.

Озми-кўпми, бу маълумотлар бўлгани ҳолда биз Ўзбекистон тарихчилари Иккинчи жаҳон урушида фашизм балосидан дунё цивилизациясини сақлаб қолишдек буюк ишга ўзбек халқининг қўшган катта ҳиссасини тўлароқ кўрсатиш масаласига у қадар эътибор бермаганлигимиз, ўзимиздан олдинги муаллифларнинг тадқиқотлари билан қизиқмаганлигимиз, умуман мазкур мавзуга жиддий эътибор бермаганлигимизнинг оқибатидир.

1941 – 1945 йилларда Ўзбекистондан мажбурий меҳнат армиясига олинган, ўша давр ибораси билан айтганда, “қуролсиз аскарлар” ва уларнинг қаҳрамонона, лекин фожиали ҳаёти, тақдири, буюк ғалабага қўшган ҳиссаси Ўзбекистон тарихидан ҳозиргача муносиб ўрин олганича йўқ.

Ваҳоланки, хорижда, айниқса, Россиядаги тадқиқотларда бу масала бўйича маълумотлар келтирилган. Масалан, 1941 – 1943 йилларнинг ўзида Ўзбекистондан 155 минг киши меҳнат армиясига сафарбар қилинган. Тошкент области ҳарбий комиссариатидан экстремал ҳолатда эшелонда 1700 киши Бошқирдистонга жўнатилган. Уралдаги мудофаа саноати завод ва фабрикаларида 32 620 нафар ўзбек ишчиси фаолият кўрсатган.

Иккинчи жаҳон уруши Ўрта Осиё аҳолисининг миқдори ва таркибига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатди. Унинг умумий миқдори 1940 йилдаги 10906 минг кишидан 1945 йилга келиб, 8982 минг кишига тушиб қолди ёки 1924 минг нафарга қисқарди.

Аҳолининг ёш ва жинсий таркиби анча вақтгача уруш арафасидаги ҳолатини тиклай олмади. Шу даврда фронт олди ҳудудларидан келтирилган корхоналарни тиклаш баҳонасида ўн минглаб аҳоли мамлакатнинг Европа қисмидан Ўрта Осиёга кўчириб келтирилди.

Айни вақтда, Ўрта Осиё – юртидан бадарға қилинган миллатлар яшайдиган ўзига хос сургун жойи бўлиб қолди. Ўрта Осиёга уруш даврида месхети турклари, Қрим татарлари, Волгабўйида яшаган немислар, чеченлар, сал аввалроқ корейслар ва бошқа халқлар сургун қилинди. Коммунист арбоблар шу йўсинда Ўрта Осиёни “байналмилал маскан”га, “халқлар дўстлиги қалъаси”га айлантирмоқчи бўлдилар.

Фашизм босқинига қарши кураш олиб бориш учун кўп минглаб ишчилар, деҳқонлар, зиёлилар меҳнат фронтига сафарбар этилган. Саноат, айниқса, мудофаа саноати ва унинг барча тармоқлари ишчи кучига муҳтожлиги фавқулодда ортган эди. Ғалаба учун қўшимча ишчи кучини сафарбар қилиш ва ундан самарали фойдаланиш душман устидан ғолиб бўлишнинг муҳим омилларидан бирига айланиб қолганди.

СССР Халқ Комиссарлари Советининг 1941 йил 23 июлдаги қарори билан меҳнат армиячиларининг фаолияти ҳаракатдаги қўшинларда хизмат қилаётган ҳарбийлар билан тенглаштирилган.

СССР Олий Совети 1942 йил 13 февралда “Ҳарбий вақт даврида ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари учун меҳнатга лаёқатли аҳолини сафарбар қилиш тўғрисида” қарор қабул қилди. Натижада ҳарбий саноат ва қурилиш миллионлаб меҳнат армиячилари билан таъминланди.

К.Хусенов 1943 йили РСФСРнинг 14 областида, 4 автоном республикасида ва Красноярск ўлкасида 60 мингга яқин ўзбеклар ишлагани, ишчи ўзбекларнинг яшаш шароитлари тўғрисидаги масала ВКП(б) район, шаҳар ва областлар комитетларида бир неча бор муҳокама этилиб тегишли қарорлар қабул қилингани, тадбирлар, амалий чоралар кўрилгани, 1943 йил 12 июнда Новосибирскда, 16 сентябрда Пермда бу масала партия комитетлари йиғилишларида кўриб чиқилганини ёзган.

ЎЗБЕКЛАРНИНГ КАТТА ЖАМОАСИ ИШЛАГАН


Урал заводларидаги қурилишда ва Красногорск ТЕЦда бу ерга келган ўзбекларнинг катта жамоаси ишлаган. Улардан кўплари фидокорона меҳнат қилишган. Ишчи Акром Ортиқов гвардиячи вахтада нормани 140 фоизга, бетон заводи шофёри Бобоев 120 фоизга, слесарь Убайдулла Ҳайдаров 200 фоизга бажарган.

Иркутск областидаги 4-қурилиш трестида ишлаётган 47-бригададаги ўзбек ишчиларидан 43 нафари 1943 йили режани ортиғи билан бажарган.

Мудофаа заводларида, шахталарда ва қурилишларда ишлаган ўзбек “қуролсиз аскарлари” турли хил мураккаб мутахассисликларга эга бўлганлар. Кўплаб ўзбеклар рус ишчилари оилаларида яшаганлар, улар билан бирга яхши ва ёмон кунларни бирга кечирганлар.

Қашқадарё областидаги собиқ колхозчи Э.Турғунбоев Уралдаги меҳнат фаолиятини эслаб рус халқи шаънига катта миннатдорчилик ҳис-туйғуларини шундай ифодалаган эди: “С первых же дней моей работы подручным вальцовщик Миша Мурзиенко стал моим другом и учителем. Он научил меня своему мастерству, помог освоить процесс производства. Миша и его жена приняли меня в дом как родного, и за все время пребывания на Урале я никогда не чувствовал себя одиноким”.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Урал мудофаа саноатининг муҳим маркази бўлган. Минтақанинг жуғрофий жойлашуви, фронтдан жуда олислиги бу ерни индустриал марказга айлантирган.

Темир йўл коммуникацияси ҳам анча ривожланган эди. СССРнинг Европа қисмидан урушнинг дастлабки икки йилида ҳудудга 730 корхона эвакуация қилинган. Даставвал урушга сафарбар этилган мамлакатдаги немислар 1941 йил октябри – 1942 йил майида Уралдаги меҳнат-тузатув лагерларига жойлаштирилган. Немис миллатига мансуб фуқаролар қизил армия ҳарбий қисмларидан чиқариб юборилган ва улар қурувчилар қисмига жойлаштирилган, Уралдаги меҳнат тузатув лагерларида меҳнат қилганлар.

СССР Давлат Мудофаа Комитетининг 1942 йил 14 октябрдаги “Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон республикаларидаги ҳарбий хизмат ўташлари лозим бўлганларни қурилиш ва саноат корхоналарида ишлаш учун сафарбар қилиш тўғрисида”ги №2414 СС қарорида Ўрта Осиё ҳарбий округидан Ўзбекистон бўйича ёши 19 дан 50 гача бўлган ҳарбий хизматга мажбур бўлган 150 000 ўзбекистонлик маҳаллий ҳарбий комиссариатликлар томонидан сафарбар қилиш кўрсатилган.

Қарорда сафарбар қилинганлар ўзларининг қишки кийими билан, захира ички кийимлари, кўрпа-тўшаклари, идиш-товоқлари, қошиқ ва 10 кун муддатга етадиган захира озиқ-овқатлари билан етиб келишлари кўрсатилган.

Сафарбар қилинган шаҳарликлар учун Савдо халқ вазирлигига 10 кунлик озиқ-овқатни нақд пулга сотишга рухсат берилган.

Шулардан 35013 нафар ҳарбий хизмат ўтайдиганлар Уралга меҳнат армиясига сафарбар қилинган. Улар ЎОҲОдан 1943 йил баҳорида сафарбар қилинганларнинг катта қисмини ташкил этган.

1943 йил 15 апрелдаги маълумотга кўра, Ўзбекистондан 67000 киши Урал регионига жойлаштирилган: “Свердловск областида 15131 киши, Челябинскда 2427 киши, Молотов областида 2212 киши, Чкаловскда 2529 киши, Бошқирдистон АССРда 2357 киши ва Удмуртия АССРда 2970 нафар ўзбеклар меҳнат қилишган”.

САФАРБАР ЭТИЛГАНЛАР

Ўзбеклардан ташқари бу ерларга бошқа миллат вакиллари – тожиклар, туркманлар, қирғизлар ва қозоқлар сафарбар этилган. Уларнинг умумий миқдори 30000 кишини ташкил этган. 1943 йили ЎОҲОдан Уралга сафарбар этилганларнинг умумий улуши 41,5 фоиздан иборат бўлган. 1943 йил ёзида уларнинг миқдори Уралда 73000 кишига етган. Чкаловск областида 8000 киши, Молотов областида 12692 киши, Свердловскда 27000 га яқин киши, Челябинскда 20000 га яқин, Бошқирдистон АССРда 2500 кишидан кўпроқ, Удмуртияда 3000 га яқин киши. Удмуртиялик тадқиқотчи Т.С.Третьякова уруш йилларида 51-сонли қурилиш трестига Бухоро ва Сурхондарё областларидан минг нафар ўзбек келтирилгани, улар турли ёшда ва турли касбда бўлганини таъкидлайди.

Г.Д.Селянинованинг ёзишича, 1943 йил ёзида Пермдаги Молотов номли заводда 978 ўзбек, Киров номли заводда 200 ўзбек, 90-сонли заводда 800 га яқин ўзбек ва 60 қозоқ, 103-сонли заводда 50 ўзбек, 12-қурилиш трестида 70 ўзбек ишлаган.

Тадқиқотчи К.А.Моргуновнинг маълумотига кўра, Орск шаҳридаги корхоналарда 7 минг ўзбек (шундан 500 нафари нефть заводи қурилишида), Чкалов шаҳрида 700 ўзбек, Медногорскда 200 ўзбек ишлаган.

СССР Давлат Мудофаа Комитети 1942 йил 5 декабрда “Ўзбекистон металлургия комбинати қурилиши учун ҳарбий хизматга мажбур бўлган 2.5 минг корейсларни сафарбар қилиш тўғрисида” қарорни қабул қилган.

1943 йил кузидан Ўрта Осиё ва Қозоғистондан сафарбар қилинганлар миқдори камая бошлаган ва 1944 йил ўрталарига келиб уларнинг сони 22000 кишига тушиб қолган.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Усмон Юсупов республика партия ва ҳукуматига “Зудлик билан республика ҳарбий комиссариати ва Марказқўмнинг ҳарбий бўлими томонидан корейс миллатига мансуб чақирилувчилардан металлургия комбинати учун юқори малакали дурадгор ва тош терувчиларни сафарбар қилиш кераклиги”ни айтган.

Айни пайтда бу корейслар Бешёғочдаги ҳозирги Муқимий театрини қурилишида ҳам ишлаганини билишимиз мумкин.

Меҳнат армияси шахсий таркиби миқдори кўпайган давр 1943 йил ўрталарига тўғри келади. Бу вақтда уларнинг миқдори 190000 кишини ташкил этган, фоиз ҳисобида 61,7 фоиз бўлган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистондан сафарбар этилганларнинг 73 фоизи Уралдаги мудофаа саноати корхоналарида меҳнат қилган. Урал газеталари саҳифаларида ўзбек ва тожик ишчиларининг фронт учун, ғалаба учун фидокорона меҳнатлари ёритиб берилган.

Уралмаш заводи Голов бошлиқ бўлган механика цехида Рустам Турдиев ва Ҳасан Тўхтабоевлар нормани 150 фоизга бажаришган. Назаров цехида звено юк ташувчиси Ҳақбердиев, тожик Мардон Носир ва ўзбек Мамат Эргашевнинг меҳнат жасоратлари “За тяжелое машиностроение” газетасининг 1943 йил 9 феврал сонида намуна сифатида кўрсатиб берилган.

Газетанинг 11 феврал сонида эса бундан бир неча ой олдин Ўзбекистоннинг қишлоқларидан заводга янги ишчилар келгани, улар аввал бундай заводлардаги ишлаб чиқаришни кўрмаганлиги, аммо кўпчилиги дастлабки кунларданоқ ҳарбийларнинг ҳужумлари учун фидокорона меҳнатнинг аҳамияти бениҳоя катталигини англаганлари, 19 ёшдаги Ҳасан Тўхтабоев мустақил равишда станокда меҳнат қилиб нормани 150 % бажаргани қайд қилинган.

Меҳнат армиясидагилар мислсиз оғир шароитда ҳаёт кечирганлар. Уларнинг маълум қисми цехларда ишлаб, шу жойда овқатланиб, шу жойда яшаб, ухлаб кун кечирганлар.

Улар завод ва фабрикалардаги ошхоналарда тайёрланган чўчқа гўшти, колбаса, балиқ ва бошқа овқатларни емаганликлари учун жуда ҳам озғин, меҳнатдан тинка мадори қуриган ҳолда ҳаёт кечирганлари ҳужжатларда қайд этилган. Улар орасида ўлим даражаси юқори бўлган. дафн этиш учун кафанлик маъмурият томонидан берилмаган ҳолатлар кўп бўлган.

Тўйиб овқатланмаслик, оғир жисмоний меҳнат, ночор ётиш-туриш, ҳорғинлик ошкор бўлгач бунинг сабабларини аниқлашга киришилган. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Тожикистонга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиш учун махсус бригадалар юборилган.

Бу ҳар икки республика номидан озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган эшелонлар юбориб турилган. Бир қанча завод ва корхоналарда ўзбекча таомлар тайёрлаш йўлга қўйилган, "Уралмаш" заводи атрофида чойхоналар пайдо бўлган. Лекин кўк чой бўлмаганидан мевали чой дамланган. Меҳнат ишчилари қоп-қоронғи, ифлос, иситилмайдиган ертўлаларда ухлаганлар, чойшаб-кўрпалар бўлмаган.

Хуллас, Урал, Сибир, Узоқ Шарқ ва Ўзбекистоннинг ўзида жасоратли меҳнат қилиб, фавқулодда мислсиз оғир шароитларда фронтлар учун зарур бўлган қурол-аслаҳа, ўқ-дориларни яратиб фронтга жўнатган юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати билан буюк ғалабага қўшган ҳиссаси тарихимизда муносиб ўрин олган.


Р.Т. Шамсутдинов,

Андижон давлат университети профессори,

тарих фанлари доктори


ЎзА

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно